АТОМ ЭНЕРГИЯСИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО АГЕНТЛИК (АЭХА) – (МАГАТЭ) — атом энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ташкилот, БМТнинг Нью-Йорк конференцияси қарорига биноан ташкил этилган. Низоми 1956 й. сент. да қабул қилиниб, 1957 й. 29 июлда кучга кирган. Бош қароргоҳи — Вена ш. (Австрия)да. АЭХАга 114 мамлакат (1997 й.) аъзо. АЭХА махсус ташкилотлар каторига киришига қарамай, алоҳида мақомга эга эмас. БМТ б-н унинг алоқалари 1957 й. 14 нояб. да БМТ Бош Ассамблеяси билан имзоланган битимга мувофиқ амалга оширилади. Ушбу битим ва АЭХА Низомига асосан агентлик ҳар йилда камида бир марта фаолияти тўғрисида БМТ Бош Ассамблеяси ёки зарурат пайдо бўлганда унинг Хавфсизлик Кенгаши олдида ҳисобот беради. Агентликнинг асосий мақсади атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Турли мамлакатларда ўз и. т. лабораториялари бор. АЭХА ривожланаётган давлатларга ядро хавфеизлиги ва радиацион ҳимоя учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан ёрдамлашади. АЭХАнинг асосий фаолиятига кирадиган соҳалар: қурол-яроғ ишлаб чиқарадган ядро технологиясини қаттиқ назоратгаолиш; ядро энергетикаси соҳасида ёрдам кўрсатиш; радиоактив чиқиндиларни тўғри ва хавфеиз кўмиш; шу соҳага оид Норма ва Қоидаларни эксперт-юристлар ёрдамида тайёрлаш; и. т. дастурларини қўллаб-қувватлаш; аварияларга оид дастурлар ишлаб чиқиш; қ. х. да ядровий усуллар ва радиоактив моддалар ёрдамида ҳосилдорлик ва тупроқ унумдорлигини ошириш; қ. х. ва чорвачиликда ҳашаротлар ва касалликларга қарши курашда ёрдам бериш ва б.
Ўзбекистон Республикаси 1994 й. 21 янв. да АЭХАга аъзо бўлиб, халқаро стандартларни тан олиш, атом энергиясидан халқ хўжалигида фойдаланиш, радиоактив моддалар билан хавф-хатарсиз ишлашда халқаро стандартлар, қонунқоидаларга риоя қилишни ўз зиммасига олган. Агентлик олий органи — Бош конференция аъзо давлатларнинг вакилларидан ташкил топган ва ҳар навбатдаги сессияга йиғилади. Низом бўйича навбатдан ташқари сессиялар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. АЭХА Бошқарувчилар кенгаши агентлик ишлаб чиққан дастур, атом энергияси сохасида умумий сиёсат ва бошқарув ишларини амалга оширади. Мазкур кенгаш таркибига 35 давлат вакиллари киради.