АТМОСФЕРАДАГИ КУЧЛИ ОҚИМ — юқори тропосфера ва стратосфера қатламларида деярли доим горизонтал йўналишда катта (30 м/с ва ундан юқори) тезлик билан ҳаракатланадиган ҳаво оқими. Кўндаланг кесими 300 — 400 км2, қалинлиги 6 — 10 км ва узунлиги бир неча минг км бўлиши мумкин, айрим ҳолларда эса ер шарини ўраб олади. Атмосферадаги кучли оқимда атмосфера кинетик энергиясининг асосий қисми тўпланган. Атмосферадаги кучли оқим ўқида шамол тезлиги 60 — 80 м/с, баъзи ҳолларда 100 — 150 м/с ва ундан катта. Атмосферадаги кучли оқимда тезликнинг вертикал градиента ҳар км га ўртача 5 — 10 м/с бўлиб, горизонтал градиент ундан тахм. 100 мартача кичик.