АТМОСФЕРА ЦИРКУЛЯЦИЯСИ

АТМОСФЕРА ЦИРКУЛЯЦИЯСИ (лот. circulatio — доиравий айланиш) — горизонтал ўлчами материк ва океанларга, қалинлиги бир неча км дан ўнлаб км ларга тенг бўлган жуда катта кўламли ҳаво оқимлари системаси. Материк ва океанлар сиртининг турлича исиши, ҳаво оқимларининг ишқаланиши ва Ернинг айланиши таъсиридаги оғиши, шунингдек тўлқин ва гирдоблар ҳосил бўлиши (планетар Атмосфера циркуляцияси, глобал А. ц.) туфайли вужудга келади. Ҳаво массаларининг кўчиб юриши кенгликлараро ва меридианал йўналишда рўй беради. Тропосферада энг турғун оқимларга пассат, антипассат ва муссонлар киради. Ҳаво массаларининг кўчиши катта кўламдаги гирдоблар (қ. Циклон ва Антициклон) туфайли ўзгариши мумкин. Стратосферанинг юқори қисмларида ҳаво оқимлари зонал (ёзда шарқий, қишда ғарбий йўналишда) бўлади.

Атмосфера циркуляцияси йилдан-йилга ёки бир кўп йиллик даврдан бошқа кўп йиллик даврга ўзгариб туриши Ер атмосфераси Қуёшдан оладиган радиация миқдори б-н, яъни Қуёш фаоллиги билан белгиланади (қ. Қуёш радиацияси). А. ц. иқлимни шакллантирувчи муҳим жараён; Ернинг ҳар қандай жойидаги иқлим хусусиятлари умуман доимий Атмосфера циркуляциясига, қ. х. да барча турдаги ишларни олиб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлган айрим йиллар об-ҳавосининг хусусиятлари эса циркуляциянинг йилдан-йилга ўзгаришига боғлиқдир. Атмосфера циркуляциясини ўрганиш халқ хўжалиги ва қ. х. ни метеорологик маълумотлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.