АТИРГУЛ (Rosa L.) — раънодошлар туркумининг хушманзара ўсимлик сифатида экиладиган бир қанча турига халқ томонидан қўйилган умумий ном. Бу туркумнинг ёввойи ҳолда ўсадиган турлари халқда раъно, наъматак, қирқ оғайни ва итбурун номлари билан маълум. Осиё, Европа, Америка мамлакатларида кенг тарқалган. Атиргулнинг Ер юзида 250 —300 тури, 25 мингдан ортиқ нави бор. Ўзбекистонда 19 тури, 600 дан ортиқ нави ўстирилади. Бу навлар гулининг катта-кичиклиги, ранги, ҳиди, пояда ўрнашиши, гуллаш даври, поянинг тикка ёки илашиб ўсиши каби хусусиятлари б-н фарқ қилади; фасл бўйи узлуксиз ёки такрорий гуллаб турадиган ва пояси илашиб ўсадиган хиллари кўпроқ экилади. Атиргул асосан, пайванд қилиб, пархишлаб ва каламчасини экиб кўпайтирилади. Пайванд қилиш йўли билан кўпайтиришда июлда терилган наъматак меваларидан ажратиб олинган уруғлар нам жойда сакланиб, нояб. охири — дек. бошларида очиқ далага сепилади. Уруғ униб чиққанидан кейин келаси йили апр. — авг. давомида 4 — 5 марта чопиқ қилинади, 8 — 10 марта суғорилади; авг. — сент. ойларида Атиргул нави куртаклари наъматакка пайванд қилинади. Келаси йил эрта баҳорда пайвандтаг унга уланган куртак юқорисидан кесиб ташланади, пайвандни боғлаган чипта бўшатилади. Ёз давомида бачки шохчалар 1 — 2 марта юлиб ташланади, пайванди гул 15 — 20 см ўсгач, унинг бўйига чўзилишига ва муддатидан олдин гуллашига йўл қўйилмайди. Бунинг учун пайванди гулнинг учи кесилиб, вақт-вақти билан ён шохлари қисқартиб турилади. Атиргулни махсус ўсишни фаоллаштирувчи моддалар билан ишлов бериб қаламчалардан ҳам кўпайтириш мумкин. Атиргул кўчатлари гулзорларга кузда ва баҳорда ўтқазилади. Гулзор тупроғи олдиндан 30 — 35 см чуқурликда юмшатилади, 1 м2 ерга 5 — 10 кг гунг солинади. Кўчат 70 х 70 см оралиқда ўтқазилади. Кўчат ўтқазиладиган чуқўрнинг кенглиги 30—40 см, чуқурлиги 40 — 50 см қилинади. Ёз давомида гулзор 20 мартагача суғорилади, 6 мартагача чопилади, 2 марта (1м2 ерга 30 г селитра ва 45 г аммоний сульфат ҳисобидан) озиқлантирилади, уншудринг касаллигига қарши олтингугурт кукуни билан дориланади, бегона ўтлардан холи тутилади. Кеч кузда новдалар 1 — 2 куртак қоддириб кесилади. Баъзи навларнинг гулбаргларидан гулқанд, мураббо қилинади. Ўзбекистон шароитида Атиргул очиқ ерларда апр. дан но-ябрнинг охиригача очилиб туради, иссиқхоналарда йил бўйи гул олиш мумкин. Франция, Болгария, Туркия, Италия ва б. мамлакатларда айрим турлари (дамашқ, француз ва б.) навларидан қимматбаҳо эфир мойи олинади.
Лутфулла Абдураҳмонов.