АТЕРОВ ВИЛОЯТИ

АТЕРОВ ВИЛОЯТИ (1992 й. гача Гурьев вилояти) — Қозоғистон Республикаси таркибидаги вилоят. 1938 й. 15 янв. да ташкил этилган. Майд. 113,5 минг км2. Аҳолиси 447,9 минг киши (1999); асосан қозоқлар, шунингдек руслар, белоруслар, ўзбеклар, корейслар ҳам яшайди. Маркази — Атеров ш.

Атеров вилояти Каспий бўйи пасттекислигида жойлашган. Бархан қумлари, сув оқмайдиган ботиқлар бор. Янв. нинг ўртача т-раси — 3,4° дан — 10,6° гача, июлники 24°—26°. Йилига 100—200 мм ёғин тушади. Ёзда тўзонли бўронлар ва суховейлар бўлади. Асосий дарёлари: Урал, Эмба, Уил, Сағиз. Саёз, асосан шўр кўллар бор. Ер юзасининг каттагина қисми шўрхок, шўртоб ва қўнғир чўл-дашт тупроқларидан иборат. Ўсимликлари чала чўл типидаги (шўра, шувоқ, бетага, чалов ва б.) ўсимликлар, дарё қайирларида дарахт, бутазор (тўқайзор)лар мавжуд.

Атеров вилояти саноатида нефть қазиб чиқариш, нефтни қайта ишлаш ва балиқ саноати муҳим ўрин тутади. Энергетикаси маҳаллий ва қисман четдан келтириладиган нефть маҳсулотлари ва Караганда кўмирида ишлайди. Нефть Эмба кони ва Атеров атрофидан олинади. Атеровда нефтни қайта ишлаш з-ди, шаҳар яқинида балиқ консерва к-ти ишлаб турибди. Машинасозлик ва металлсозлик (Атеровда машинасозлик з-ди), кимё, ёғочсозлик, қурилиш материаллари, енгил ва озиқовқат саноати корхоналари бор, қурилиш ма-териаллари ишлаб чиқарилади.

Қ. х. нинг етакчи тармоғи — яйлов чорвачилиги. Асосан дағал жунли қўйлар боқилади. Қ. х. га яроқли ерларнинг анча қисми пичанзор ва яйлов. Баҳорикор ва суғорма деҳқончилик қилинади. Қ. х. да ем-хашак экинлари (бир йиллик ўтлар, силос учун маккажўхори) ҳам экилади. Ғалла экинларидан асосан арпа, тариқ етиштирилади, Волга ва Урал дарёларининг қуйи оқимида шоли экилади. Сабзавот ва картошка ҳамда полиз экинлари ҳам салмоқли ўрин тутади. Каспий денгизида балиқ овланади.

Т. й. орқали бошқа вилоятлар билан боғланган. Урал дарёси (Уралсккача) ва Каспий денгизида (Атеровдан Астрахонгача ва Форт-Шевченкогача) кема қатнайди. Юкларнинг бир қисми автомобиль транспортида ташилади. Авиалиниялар Атеровни Атеров вилоятининг бошқа жойлари б-н боғлайди.