АСКОХИТОЗЛАР

АСКОХИТОЗЛАР — ўсимликларда Ascochyta туркумига мансуб паразит замбуруғлар қўзғатадиган касалликлар. Аскохитозлар ўсимлик баргларида турли рангда катта-кичик доглар, поясида яралар пайдо қилади, ўсимлик уруғи ва мевасини зарарлайди, касалланган барглар қуриб тўкилади, шохлари қурийди, меваси етилмайди, зарарланган уруғлик унмайди. Аксарият дуккакли дон экинлари, зиғир, мевали дарахтлар, резавор мевалилар зарарланади. Кураш чоралари: алмашлиб экиш, экинни азотли ўғитлар билан озиқлантириш, касалликка чидамли навларни экиш, экишдан олдин уруғликни дорилаш, ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб ташлаш ва йўқотиш (қ. Замбуруғли касалликлар).