АСИРУДДИН АХСИКАТИЙ

АСИРУДДИН АХСИКАТИЙ (тўлиқ исми Абулфазл Муҳаммад Тоҳир Асируддин Ахсикатий) (1108Ғ1110, Ахсикат ш. – 1196/1198, Жан. Озарбайжон Халхол ш.) — шоир. Бошланғич маълумотни Ахсикатда олгач, Балх, Ҳирот, Марвга бориб, риёзиёт, табобат, кимё, нужум, фалсафа ва б. фанларни ўрганади. Кўчманчи ўғуз қабилаларининг 1156 й. ги қўзғолонидан кейин Султон Санжар салтанати инқирозга учрагач, А. А. Хуросондан Ажам Ироқи (Ғарбий Эрон)га келади. У ерда Арслон ибн Туғрал (1160 — 79) ва Қизил Арслон (1185 — 91) саройида хизмат қилди. Қизил Арслон даврида малик уш-шуаро унвонига мушарраф бўлди. Лекин кўп ўтмай, туҳматга учраб саройдан ҳайдалади. Асируддин Ахсикатий ижодий мероси 120 қасида, 220 ғазал, 80 қитъа, 80 рубоий, 4 таркиббанд ва таржеъбанд, 24 қитъадан иборат. 1313 й. да хаггот Абдулмўмин тарафидан кўчирилган девони 13300 мисрадан ташкил топган. Ғазалларида муҳаббат, табиат гўзалликлари, Ватанни қўмсаш, шоҳларни инсоф-адолатга чақириш ғояси асосий ўринни эгаллайди. Баъзи асарларида замона носозлиги, айрим амалдорларнинг таъмагирлигидан шикоят қилган. Девони Теҳронда нашр этилган (1958), қўлёзмаси ҳоз. Лондондаги «Индиа Оффис» кутубхонасида сақланади.