АШУРАЛИ ЗОҲИРИЙ (1885-Қўқон ш. яқинидаги Ойим қишлоғи — 1937/42) — ўзбек маърифатпарвари, журналист. Қўқон ш. даги Муҳаммад Алихон (Маъдалихон) мадрасасида таҳсил кўрган (1914). Тарих, адабиётни чуқур билган. Араб, форс, озарбайжон, турк, татар ва рус тилларини ўрганган. Рус-тузем мактабида ўзбек тили ва адабиётидан дарё берган, Қўқонда «Ғайрат» номли хусусий нашриёт ташкил этган. «Садойи Фарғона» (1916—21), «Фарғона» (1922— 28) газ. ларида адабий ходим бўлиб ишлаган. Вақтли матбуот саҳи-фаларида маърифатпарварлик мақо-лалари билан фаол иштирок этган. Янги усулдаги мактаблар очган. Қўқонда «Дорулмуаллимин» мактабини ташкил этиб, шу ерда ишлаган. Қори-Ниёзий раҳбарлик қилган Фарғона пед. техникумида, Қўқон пед. билим юрти, нефть техникуми, саводсизликни тугатиш курслари ва мактабларда муаллимлик қилган. Кишиларни тил ўрганишга, илмли бўлишга даъват этган. С Оқосв билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун «Туркий хрестоматия ёхуд терма китоб» дарслигини тузган (1912). Ўзбек тилида биринчи бўлиб бошланғич синфлар учун «Имло» дарслигини яратган (Қозонда нашр этилган, 1916). Навоийнинг «Муҳокамат уллуғатайн» ва «Вақфия» асарлари устида матншунослик тадқиқотлари олиб борган. «Муҳокамат ул-луғатайн»ни ҳуснихатда кўчириб (1916), Қўқонда Вайнер кутубхонасида чоп эттирган (1917). «Вақфия»ни ҳам нашрга тайёрлаган, лекин номаълум сабабларга кўра нашр этилмаган. «Русча-ўзбекча луғат» тузган (1925). Чўлпон билан ҳамкорликда «Адабиёт парчалари» тўпламини нашр эттирган (1926).
Ҳур фикрловчи зиёли шахс сифатида Ашурали Зоҳирий шўро тузуми учун хавф туғдирди. Шунинг учун ҳам у аввал 1930 й. да қамоққа олиниб, 10 йилга ҳукм қилинган ва муддатидан олдин қайтган. Аммо 1937 й. да иккинчи бор қамоққа олинган ва қатл этилган.
Ад.:Мадаминов Ашурали зоҳирий, Валихонов М., Тожибоев Р., Маърифат чароғбони («Адабий мерос»), N° 3, Т., 1987.