АШУРАЛИ МАҲРАМ (1825, Марғилон — 1863) — созанда, хонанда, бастакор, меҳтар, ипакдўз. Хушовозлиги билан Фарғона водийсида ва Тошкентда машҳур бўлган. Довруғи Қўқонга етгач, Худоёрхон уни ўз саройига келтирган ва яқин маҳрами даражасига кўтарган. Сарой ҳаётидан нафратланган Ашурали Маҳрам дўстлар ёрдамида Тошкентга қочиб, халққа хизмат қилишни давом эттирган.
Ашурали Маҳрам басталаган мақом йўлларидан тўрттаси (Дугоҳ-Ҳусайн, Чоргоҳ, Баёт, Шаҳнози-Гулёр) айниқса машҳур бўлган. Фарғонада созлар тақиқланган пайтларда яшаган Ашурали Маҳрам «Катта ашула»нинг ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. Тошкент ва Фарғона водийси халқ санъаткорлари орасида унинг издошлари кўп бўлган.