АСБОБСОЗЛИК САНОАТИ

АСБОБСОЗЛИК САНОАТИ — машинасозлик учун қирқув ва ўлчов асбоблари, узунликни ўлчайдиган анжомлар, кесувчи слесарь-монтаж асбоблари ҳамда мосламалар чиқарадиган саноат тармоғи. Турли асбоблар и. ч. нинг ривожланиши металлни қайта ишлаш саноати, айниқса, станоксозликнинг ўсиши б-н боғлиқ. Асбобсозлик саноати мустақил саноат тармоги сифатида 19 – а. ўрталарида таркиб топди. 19-а. нинг 20 — 30 й. ларида қаттиқ металларни эритишнинг ихтиро қилиниши уларни эритиб, қотишмага айлантирадиган асбобларнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Асбобсозлик саноати кўпгина саноат тармоқларини керакли асбоблар билан таъминлайди. Айниқса, у машинасозлик з-длари учун асбоблар тайёрлашда катта аҳамиятга эга. Машинасозлик корхоналарининг ўзида ҳам айрим асбоблар тайёрланади. Махсус асбобсозлик з-дларида кумир, нефть, тоғ-кон саноатлари ва тиббий муассасалари учун ҳам асбоблар ишлаб чиқарилади.

Асбобсозлик саноати Ўзбекистонда ҳам ривожланган. 1940 й. гача республика корхоналаридаги айрим цехларда кам миқдорда асбоблар тайёрланар эди. Тошкентда асбобсозлик з-ди (1943), 1941 й. Тошкент корборунд ва абразив з-длари ишга туширилди (1963 й. да икки з-д бирлаштирилиб, Тошкент абразив к-ти ташкил этилди). 1970 й. дан олмос, 1973 й. дан сунъий олмос маҳсулотлари и. ч. бошланди. 1975 й. дан тўлиқ абразив маҳсулотлари и. ч. га ўгилди. 1990 — 96 й. ларда к-т «Эльбор» и. ч. бирлашмасига айлантирилди (1996 й. дан «Ўта қаттиқ материаллар» акциядорлик жамияти). Жамият маҳсулотлари чет элларга ҳам экспорт қилинади. Ўзбекистонда асбобсозлик саноати корхоналари («Тошкент асбобсозлик з-ди», «Тошкент абразив з-ди», «Ўта қаттиқ материаллар» очиқ турдаги давлат-акциядорлик жамиятлари) «Ўзмашсаноат» уюшмаси таркибига киради. Шунингдек, йирик машинасозлик саноати корхоналарида махсус асбобсозлик цехлари мавжуд. Йирик илмий-амалий марказлардан бири бўлган «Технолог» акциядорлик жамияти ўта қаттиқ материаллардан янги асбоблар тайёрлаш ва жорий этишни таъминлайди.

Мирҳамид Тўраев.