АСАРХАДДОН

АСАРХАДДОН (оссурийча Ашшурахиддин) — Оссурия подшоси (мил. ав. 680 — 669). Фуқаролар уруши натижасида тахтга утирган. Савдогарлар, коҳинлар табақасига таянган. Отаси Синахериб томонидан вайрон этилган Бобил ш. ни тиклаган, бир неча шаҳарларга илгариги имтиёзларини қайтарган, ибодатхоналар фойдасига солиқлар жорий қилган. 679 й. А. қўшинлари киммерийлар билан тўқнашган. А. Арабистонда (676), Финикия ва Мисрда (675 — 671) урушлар олиб борган. Мемфис ш. ни эгаллаб, Миср подшоси унвонини олган. 673 — 672 й. да қочоқ қуллар ва эркин фуқаролар яширинган Шубрия (Урарту чегарасида) га юриш қилган. Ўша йилларда скифлар томонидан қўллаб-қувватланган мидиялик Каштарити қўзғолони натижасида Мидия Оссуриядан ажраб чиққан. А. Оссурия тахтини ўғли Ашшурбанипалга, Бобилни эса бошқа бир ўғли — Шамашшумукинга васият қилиб қолдирган.