АРЗАМИ

АРЗАМИ — халқ селекциясида яратилган эртапишарўрик нави. Ўрта Осиё ўрик навларининг Зарафшон гуруҳига киради. Дарахти кучли ўсади, кенг шохшаббали; барги ўртача, тўқ яшил, сийрак тукли. Гули оқ, четдан чангланади. Меваси йирик, думалоқ, ён томони чокли, оч сариқ, қуёшга қараган томони қизғиш, оғирлиги 44 — 55 г, эти сершира (11 — 13% қанд, 0,8% кислота), мулойим, эти данагидан яхши ажралади, мағзи ширин. Нам етарли майдонларда яхши ҳосил беради, қисман шўрланган ерларда ҳам ўсади. Клястероспориоз касаллигига чидамли. Кўчати эқилгандан кейин 5 — 6-йили ҳосилга киради, 8-йилдан мўл ҳосил беради (20 — 25 ц/га). Мартнинг охирида гуллайди. Меваси июннинг ўрталарида пишади. Меваси ҳўллигича истеъмол этилади, туршак ва консерва қилинади. Ўзбекистоннинг адир ва тоғ олди зоналарида экилади.