АРХЕГОН

АРХЕГОН, архегоний (archegonium) — йўсин, қирққулоқ ва очиқ уруғли ўсимликларнинг урғочи жинсий органи. Кўпчилик ўсимликларда шакли кўзасимон. Архегон етилгач, бўйнининг ички қисмида жойлашган ҳужайралар емирилиб, уларнинг ўрнида найча ҳосил бўлади. Архегоннинг қорин қисмида тухумҳужайра жойлашган бўлиб, унинг устида кичикроқ қорин ҳужайра бор. Бўйнидаги найча ҳужайралар шиллиқланиб, Архегоннинг оғзини (бўйин учини) очади ва сперматозоиднинг Архегон ичига тушишига имкон беради. Шу ўсимликлардаги эркак жинсий орган антеридий деб аталади.