АРХАНГЕЛЬСК

АРХАНГЕЛЬСК — шаҳар (1613 й. гача Новохолмогори), РФ Архангельск вилояти маркази. А. Россиядаги энг йирик денгиз ва дарё портларидан бири. Аҳолиси 410 мингдан зиёд (1999). Йирик т. й. тугуни. Архангельскнинг асосий қисми Шим. Двина дарёсининг соҳилларида ва дельтасидаги оролларда жойлашган. Архангельск 1584 й. да бунёд этилган, 1613 й. дан Архангельск деб аталган. 1898 й. да Архангельск билан Москва орасида т. й. қурилган. Архангельск ўрмон саноати бўйича ва ёғоч-тахта экспорт қилишда Россия да энг йирик шаҳар, унда ўнлаб тахта тилиш, целлюлоза-қоғоз к-тлари, гидролиз кукуни з-ди бор. Кемасозлик ва кема тузатиш саноати ривожланган. Механика з-ди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати корхоналари ва б. мавжуд. Архангельскда 3 олий ўқув юрти, 3 театр, 2 музей бор.