АРХАНГЕЛЬСК ВИЛОЯТИ

АРХАНГЕЛЬСК ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. Ненецлар мухтор округи ҳамда Колгуев, Вайгач, Новая Земля, Франц-Иосиф Ери ва Соловки оларини ўз ичига олади. Вилоят шим. да Оқ, Баренц ва Кара денгизларга туташ. Архангельск вилояти Россиянинг аҳолиси энг сийрак жойлашган ерларидан бири. Аҳолиси 1 млн. 500 мингдан ортиқ (1999), шундан шаҳар аҳолиси 1205 минг, қишлоқ аҳолиси 419 минг, асосан руслар, ненецлар ва комилар. 1937 й. 23 сент. да ташкил этилган. Майд. 587,4 минг км2. А. в. да 20 маъмурий туман, 13 шаҳар, 40 шаҳарча бор. Маркази — Архангельск ш.

Вилоятнинг марказий қисми бир неча дарё водийлари (Шим. Двина ва унинг ирмоқлари) кесиб ўтган текисликдан иборат. Унинг каттагина қисми ботқоқлик, ғарбий қисмида пастроқ қирлар, марказидаги текисликда Тиман кряжи бор. Фойдали қазилмалари — кўмир, торф ва гипс. Иқлими совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси ғарбда —12°, шарқда —18*. Июлиинг ўртача т-раси вилоят жан. да 16°, шим. да 8°. Тез-тез шамол бўлиб туради; 350—550 мм ёғин ёғади. Муҳим дарёлари: Шим. Двина, Онега, Печора; кўл кўп (Лача, Кенозеро, Кожозеро ва б.). Тупроқлари глейли тундра, подзол ва ботқоқтупроқпар. Игна баргли ўрмонлар бор. Тюлень, тийин, қуён, оқ тулки, сувсар ва б. яшайди.

Архангельск вилояти ёғоч тайёрлаш, ёғоч-кимё саноатини ривожлантириш ва ёғоч-тахта экспорт қилишда Россиянинг муҳим р-ни ҳисобланади. Архангельск, Онега, Мезень, Нарьян-Мар ш. ларида тахта тилиш саноати ривожланган. Саноатининг целлюлоза-қоғоз, гидролиз (Архангельск) тармоқлари, сульфат-спирт олиш, ёғочдан стандарт уйлар тайёрлаш тараққий этган. Котласда йирик целлюлоза-қоғоз к-ти бор. Машинасозлик, хусусан, транспорт машинасозлиги муҳим ўрин тутади. Архангельск ва Котлас ш. ларида кемасозлик ва кема тузатиш саноати ривожланган. Архангельскда йирик балиқ к-ти, Шойна, Индиги, Нарьян-Мар ш. ларида балиқ консерва з-длари ишлаб турибди. Боксит захиралари асосида рангли металлургия ривожланмоқда.

Қ. х. да сут чорвачилиги катта урин тутади. Холмогори серсут сигирлар зоти Архангельск вилоятида яратилган. Буғучилик б-н шуғулланилади, балиқ ва денгиз ҳайвонлари, тийин ва қутб тулкиси овланади. Ғалла экинларидан сули, арпа, буғдой экилади. Асосий т. й. лари: Москва — Архангельск, Коноша — Котлас, Обозерская — Беломорск. Шим. Двинада кема қатнайди. Архангельск, Онега, Мезень, Нарьян-Мар денгиз портлари бор. Архангельск вилоятида умумий таълим мактаблари, ўрта махсус ўқув юртлари, олий ўқув юртлари, оммавий кутубхона, клуб бор.