АРТАКСЕРКС

АРТАКСЕРКС — Ахоманийлар сулоласидан бўлган Эрон шоҳлари. А. I Дасти узун, мил. ав. 465 — 424 й. ларда ҳукмронлик қилган. Отаси — Ксеркс I фитна натижасида ўлдирилгач, тахтга ўтирган. Ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Ахоманийлар давлати билан уруш олиб бораётган Афинанинг кўмагида кўтарилган Мисрдаги қўзғолонни бостирган, 454 й. эса форслар Нил дельтасида Афина флотини яксон қилганлар. 449 й. Кипр о. даги Саламин жангида афиналиклар ғалаба қозонгач, юнон-форс урушларини якунлаган, Каллий сулҳини имзолаган. Бу сулҳга кўра А. I Кичик Осиёдаги юнон шаҳарларининг сиёсий мустақиллигини тан олган. Форс зодагонларининг сепаратик ҳаракатлари (мас, мил. ав. тахм. 449 йдаги Мегабиз исёни) ва тобе халқларнинг қўзғолонлари кучайишига қарамай Артаксеркс даврида марказий ҳокимият анча кучли бўлиб, Ахоманийлар давлатининг ҳудудий яхлитлиги асосан сақланиб қолган эди.

А. II Мнемон, мил. ав. 404 — 358 й. ларда ҳукмронлик қилган, Доро II нинг катта ўғли. Ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Кичик Осиё ҳокими, укаси Кир билан тахт учун кураш олиб борган. Ташқи сиёсат соҳасида бир қатор муваффақиятларга эришган бўлсада (394 й. Спарта флотининг Книд ёнида тор-мор келтирилиши, 386 й. ги Анталкид сулҳи ва б.), А. II подшолиги даври Ахоманийлар давлатининг заифлашган пайти эди. Артаксерксга қарши сатраплар, вассал шоҳлар, ярим қарам қабилалар (кадусийлар ва б.) бир неча бор қўзғолон кўтарганлар.

А. III Ох, мил. ав. 358 — 338. й. ларда ҳукмронлик қилган, Артаксеркс ўғли. Акаларини ўлдириб тахтни эгаллаган. Ахоманийлар давлатининг ҳудудий бирлигини тиклаш учун қаттиқ ҳаракат қилган. Сатрапларга ёлланма қўшинлар сақлашни ман этган. Қатор қўзғолонларни (Кичик Осиё, Финикия, Кипрда) бешафқат бостирган ва 341 й. Мисрни қайта қўшиб олган (Миср мил. ав. 5 – а. охирида Ахоманийлар давлатидан ажраб чиққанди). Ўзининг мулозими, махрами Багой томонидан ўлдирилган.