АРНА

АРНА (қад. эронча (Арир) — сув, санскритча арнас — сув оқими) — Ўрта Осиёда кенг тарқалган тарихий термин.

1) Мунис ва Огаҳий асарларида, вақф ва мерос ҳужжатларида, Хива хонлари архиви ҳужжатларида «Арна» сўзи канал номига қўшилиб келган. Мас, Алфоқарна. Арна атамаси замирида «сув йўли» деган маъно ётади. Хоразмда бош канал Арна деб аталади: Қиличбойарна, Оталиқарна, Шовотарна, Урганчарна ва ҳ. к. Ўзбекистоннинг баъзи жойларида, чунончи Зомин, Ғаллаорол, Жиззах туманларида кичик жарни Арна дейишади. Қозоғистонда Арна деганда дарё ўзани, Зарафшон этакларида қуруқ ўзан, бошқа ерларда сой, дарё тармоги тушунилади. Чунончи Қирғизистонда Каттаарна, Кичикарна деган сойлар, Доғистонда Арнабулоқ, Арнагвай номли жойлар бор; 2) буйволнинг кўпинча сувда яшайдиган бир тури арни деб аталади; бу ҳайвон Маҳмуд Кошғарийда «сув сигири» деб аталган.