АРМАНИСТОН ҚЎЙ ЗОТИ

АРМАНИСТОН ҚЎЙ ЗОТИ — ярим дағал жунли зот, Арманистондаги «Арагат» наслчилик хўжалигида мураккаб чатиштириш [(балбас зоти совлиғи х линкольн зоти қўчқори) х балбас зоти совлиғи] йўли билан яратилган. 1984 й. да зот сифатида тасдиқланган. Қўйларнинг кўз атрофи ва оёқларида қора рангли доғлар бўлиши билан ажралиб туради. Зот мустаҳкам конституцияли, гавдаси йирик, гўштдорлик сифати юқори, кўчқорларининг тирик вазни 80—90 кг, совлиқлариники 50—55 кг, 4—4,5 ойлик қўзилариники 28—32 кг. Асосан оқ, яримдағал кокил тузилишидаги ялтироқ жун қопламига эга. Қўчқорларидан ўртача 2,5—3,5 кг, совлиқларидан 1,5 —1,9 кг жун олинади, жун кокили уз. 16—20 см, совлиқларида 14—18 см, тивит қисмининг уз. 10—12 см, тоза жун чиқими 68 — 72%. Қўйлар шароитга тез ва яхши мослашиб, лактация даврида 100—120 кг сут беради, сутининг ёғлилик даражаси 5,9%.