АРИҚ ҚАЗИГИЧ

АРИҚ ҚАЗИГИЧ, зовур қазигич — муваққат ариқ, ўқ ариқ ва зовур қазишга мўлжалланган машина. Шатакка олинадиган (КМ-1400 М), тиркама (МК-13) ва ўрнатма (Д-716, КФМ-1200 А) хиллари бор; 20 см дан 1,2 м гача чуқурликда, тубининг энини 25 см дан 1 м гача қилиб ариқ қазийдиган турларга бўлинади. Ариқ қазигич юриш 2 ва тортиш 5 рамалари, таянч ғилдирак 12, чимқирқар пичоқ 13, икки ағдаргичли корпус, чиғир ва тортиш рамасини кўтариш-тушириш трослари тизимидан иборат. Ариқ қазигич ҳаракатланганда пичоқ 13 чимни ариқ ўқи бўйлаб кесади, лемех эса грунтни керакли чуқурликда кесиб, ариқ тубини текислайди, ағдаргичлар тупроқни икки томонга чиқариб ташлайди. Берма (супача) тозалагичлар ва қанотчалар грунтни суриб, берма ҳосил қилади. Корпус чиғир билан кўтариб-туширилади. Ариқ қазигичлар тракторлар ёрдамида ишлатилади.