АРГУСЛАР

АРГУСЛАР — қирғовулларнинг иккита, бир-бирига яқин монотипик уруғлари (Argustanus ва Rheinartia). Иккинчи даражали оқиш патларида жуда кўп кўзсимон доғлари бўлади. Катта A. (A. argus) Мьянма, Малакка, Суматра ва Калимантан ўрмонларида тарқалган, хўрозининг уз. 1,7 — 2 м (шундан 1,2 м думидаги ўрта бошқарув патига тўғри келади). Кокилдор A. Лаос, Вьетнам ва Малакканинг тоғ ўрмонларида тарқалган. Яширин ҳаёт кечиради (қ. Қирғовулсимонлар). Табиатни муҳофаза қилиш халқаро ташкилотининг Қизил китобига киритилган.