АРАГОН — Испаниянинг шим.шарқидаги тарихий вилоят. 9-а. да Реконкиста жараёнида Арагон графлиги барпо этилган. 1035 й. дан Арагон қироллик, 1137 й. шахсий уния асосида Барселона графлиги билан бирлашган. 1164 й. Барселона графлари Арагон қироллари бўлганлар ҳамда Каталониянинг барча ерларини қироллик таркибига қўшиб олганлар. 13 — 15-а. ларда Арагон қўшинлари Балеар о. лари, Валенсия, Сицилия, Сардиния, Неаполни босиб олган. Арагон ва Кастилиянинг 1479 й. даги сулолавий унияси, ягона давлат — Испанияни барпо этилишига олиб келган. Майд. 47,7 минг км2. Аҳолиси 1,2 млн. киши (1991). А. Испанияда аҳоли энг сийрак яшайдиган вилоят.
Тоғларида қўнғир кўмир, темир рудаси, уран, боксит, олтингугурт, марганец конлари мавжуд. тоғ дарёларига қатор ГЭСлар қурилган. Қўнғир кумир билан ишлайдиган иссиқлик электр марказлари бор. Қўнғир кумир қазиб чиқариш жиҳатидан (йилига тахм. 1 млн. т) А. Испанияда 1-ўринда туради. Охос-Негрос темир руда ҳавзаси Арагон иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Арагоннинг бирдан-бир саноат маркази Сарагоса ш. Бу ерда озиқовқат ва енгил саноат билан биргаликда металлсозлик ва кимё саноати корхоналари мавжуд. Аҳолининг 2/3 қисми қ. х. да ишлайди. Вилоятда зайтунзорлар, ток-зорлар, қанд лавлаги ва донли экинлар етиштирилади. Сарагоса — ҳаво йўлларининг йирик тугуни.