АҚИҚА

АҚИҚА (араб. — «чақалоқ сочини олиш, қурбонлик сўйиш») — мусулмон оилаларида янги туғилган болага исм қўйиш ва «қорин сочи» (боланинг туғилгандаги сочи)га қайчи уриш билан боғлиқ одат. Жоҳилият давридаги турли маъбуд ва маъбудаларга атаб қилинадиган курбонликлар ўрнига мусулмон оиласида фарзанд туғилганлигининг шукронаси сифатида бир қўй сўйиб (имкониятга караб) Ақиқа маросимини ўтказишлик жорий этилган.

Ислом анъанасида Ақиқани чақалоқ туғилган куннинг 7 ёки 14, ёхуд 21 кунлари ўтказиш тавсия этилади. Бу кунларда Ақиқа ўтказилмай қолинса, сўнг қайси кунда, қачон амалга оширилса ҳам вазифа бажарилган ҳисобланаверади.