АҚИДА (араб.) — диндорлар учун мажбурий ҳисобланган, шак келтирмасдан, муҳокама юритмасдан эътиқод қилиниши лозим бўлган диний талаблар. Ислом А. ларининг асоси Қуръонда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган. Исломнинг суннийлик йўналиши илоҳиётида эътироф этиладиган Ақидалар ёки имон талаблари 7 та: Аллоҳнинг ягоналигига, фаришталарга, муқаддас битикларга, пайғамбарларга, охиратга, тақдирга ва инсон қазо қилганидан сўнг қайта тирилишига ишониш (қ. Суннийлик). Шиалик йўналиши илоҳиётида 5 А. тан олинади: тавҳид (Аллоҳнинг ягоналиги), нубувват (пайғамбар) га ишониш, адл (илоҳий тақдирнинг адолатлигига ишониш), имомат (имомлар ҳокимиятини таниш), маод (охиратга ишониш) (қ. Шиалик).
Христианликда Ақидалар биринчи марта 2-жаҳон собори томонидан қабул килинган ва у эътиқод тимсоли деб аталган. У худонинг муқаддас учликда (Ота, Ўғил ва Муқаддас руҳда) намоён бўлиши, Исо (ас)нинг халоскорлик миссияси, унинг тирилиб осмонга кўтарилиб кетиши ва охиратда яна қайтиб тушиши, жами 12 асосий Ақидадан иборат. Кейинчалик жаҳон соборлари эътиқод тимсолини Исо (ас) нинг ҳам илоҳий, ҳам инсоний табиатга эгалиги, иконага сиғиниш шартлиги ҳақидаги Ақидалар билан бойитган. Христиан черкови бўлиниб кетгандан кейин хар бир конфессия, диний оким ўз таълимотига бошқа христиан черковлар эътироф қилмаган Ақидаларни киритган. Католицизм аъроф ҳақидаги, Муқаддас руҳ фақат Ота-худодан эмас, балки Ўғил-худодан ҳам пайдо бўлганлиги, Биби Марямнинг илоҳий тарзда Исо (ас)га ҳомиладор бўлганлиги ва унинг жисми осмонга кўтарилиб кетгани, Рим папасининг эътиқод ва ахлоқ ишларида бегуноҳлиги борасидаги Ақидани қабул этди. Протестантизм эса руҳонийлик унвонини бериш, муқаддас зайтун мойи суртиш ва б. А. ларни тан олмай, ҳар бир диндорнинг ўз эътиқоди билан гуноҳдан халос бўлиши тўғрисидаги Ақидани расм қилди. Православие черкови янги Ақидалар киритишни рад этиб, илгариги Ақидалар мазмунини талқин этиш йўлидан борди.