АҚЧА — ўтмишда Туркистонда савдо-сотиқ, тўлов муомалаларида нарх, баҳо, қиймат ўлчови бўлган пул бирлиги. Аксарият ҳолларда А кумушдан зарб қилинган. Кумушнинг ранги оқ бўлганлиги учун ҳам, мазкур пул бирлиги А деб номланган; яъни ақ (оқ) — ча. Илк марта Ақча истилоҳи Бариқ дарёси ҳавзасидан топилган қад. туркий битик тош матнида қайд этилган.