АППРЕТЛАШ

АППРЕТЛАШ (франц. appreter — узил-кесил ишлов бериш) — газламаларга турли пардоз эритмалари (аппретлар) шимдириб ёки суртиб зеб бериш, уларни пишиқ, юмшоқ ёки қаттиқ қилиш. Ип-газлама, айниқса, каноп матоларга крахмал аппретлар билан ишлов берилганда мато пишиқлашади, кўркамлашади. Крахмал аппретлар таркибига крахмал ва унинг гидролизидан ташқари юмшатувчи моддалар (ёғ, мой, совун), гигроскопик моддалар (глицерин, ош тузи), газмолга жилва берадиган моддалар (мум, парафин), антисептик моддалар (формалин, солицилат к-та, мис тузлари) ва б. қўшилади. Жун ва ипак матоларга ишлов беришда крахмал ўрнида питир гўштидан тайёрланадиган елим, желатин ва б. ишлатилади.

Турли синтетик смолалар қўшиб ишлов берилганда мато ғижимланмайдиган; гидрофоб билан ишлов берилганда сув ўтказмайдиган; мис ва хром тузлари экстрати билан ишлов берилганда чиримайдиган; сурма, титан, қўрғошин тузлари, хлорланган углеводородлар билан ишлов берилганда ёнмайдиган; фтор тузлари, хлорли препаратлар билан ишлов берилганда куя тушмайдиган бўлади.