АППЕРЦЕПЦИЯ (лот. ad – га, perceptio — идрок, қабул қилиш) — психологиядаги тушунча. Идрок жараёнининг шахснинг аввалги билим ва тажрибалари, қизиқиши, эҳтиёжи ва одатлари, ёши, жинси, маълумоти, касби, умуман психик ҳаётнинг барча мазмуни билан боғланиши англашилади. Апперцепция ҳодисаси туфайли кишилар идрокининг мазмуни бир-биридан фарқ қилади, яъни кишилар айнан бир хил нарсани ўз билим даражаси, турмуш тажрибаси, дунёқараши ҳамда ижтимоий келиб чиқишига қараб турлича идрок қиладилар. Мас, «реакция» сўзини кимёгарлар моддаларнинг кимёвий йўл билан бирикиши ёки ажралиши деб, социологлар тарихий тараққиётда орқага чекиниш деб, психолог ва физиологлар эса организмнинг таъсиротга нисбатан қайтарган жавоб ҳаракати деб идрок қиладилар. Апперцепция терминини баъзан идрокнинг аниқлиги, тўлиқлиги, ёрқинлиги каби сифатлари маъносида ҳам ишлатилади. Апперцепция ҳодисаси барқарор ва вақтинча деб аталувчи 2 қисмга бўлинади. Барқарор Апперцепция шахснинг дунёқараши, эътиқоди, идеали, билим ва маданий савияси, касби ҳамда қизиқишларига; вақтинча Апперцепция эса фақат шахснинг идрок жараёнидаги ҳиссий ҳолати, кайфиятига боғлиқ.