АПОЛЛОНИЙ ПЕРГАЙОС (мил ав. 265 — 170) — юнон математиги ва астрономи. Асосий асари «Конус кесимлар» бўлиб, унинг юнон тилидаги 4 ва араб тилига таржима қилинган 3 китоби сақланиб қолган; 8 китоби йўқолган. Аполлоний пергайос эллипс, парабола ва гипербола чизиқлари доиравий конусни текислик билан кесиш натижасида ҳосил бўлишини биринчи бўлиб айтган ҳамда уларнинг хоссаларини муфассал текширган. Аполлоний пергайос сайёраларнинг кўринма ҳаракатини тушунтириб берган, эпицикллар назариясини яратган. Аполлоний пергайоснинг ишлари астрономия, механика, оптика, аналитик геометрия ва б. фанларнинг ривожланишида катта роль ўйнайди.