АНУШАХОН ҲАММОМИ

АНУШАХОН ҲАММОМИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик. 1657 й. Ичан қалъадаги Оқ масжид ёнида Абулғозихон томонидан ўғли Ануша Муҳаммад Султоннинг Карманадаги ғалабаси шарафига қурилган. Хаммомга Оқ масжид яқинидаги гумбазли кичик хонадан кирилади. Ҳаммом хоналари иссиқни яхши сақлаш учун ер остига жойлаштирилган бўлиб, ташқаридан фақат гумбазлар кўриниб туради. Анушахон ҳаммомида дахлиз, кийимхона, совуқхона, иссиқхона, иссиқ сув турадиган ҳовузча, гўлах бор. Хоналарнинг ўзаро боғланишида қад. ҳаммомлар анъаналари такрорланган. Сув тарновлардан ҳовузга йиғилади. Ўтхона дудлари махсус йўллар орқали ҳаммом хоналари остидан ўтиб, уларни иситади ва мўркон орқали ташқарига чиқади. Иссиқ сувли ҳовуз атрофидаги тўртта хона девордаги туйнуклар орқали сув билан таъминланади. Ҳаммом пишиқ ғиштдан ишланган. Ички томони сувалган, ҳеч қандай безак йўқ. 1984 й. да таъмир қилиниб, ишга туширилган.