АНТАРКТИДА ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ

АНТАРКТИДА ЗООГЕОГРАФИЯ ОБЛАСТИ — дунё океани зоогеография областларидан бири, Тинч ва Атлантик океанларининг Антарктида қитъаси атрофидан 60° жан. кенгликкача бўлган қисмини ўз ичига олади, фақат айрим жойларда (мас, Жан. Американинг Тинч океани қирғоқлари бўйлаб) бу шартли чегарадан юқорироқ кўтарилади. Сув юзаси ҳарорати паст, кўпинча муз билан қопланган. Фақат совуқ ва илиқ оқимлар тўқнаш келадиган субантарктида сувларида фито – ва зоопланктон кўпайиши учун жуда қулай шароит вужудга келади. Шунинг учун Антарктида зоогеография областига чегарадош сувларда китсимонларнинг кўп турлари яшайди. Мўйловдор китлардан жануб ва пакана китлар; қулоқли тюленлардан ёлдор тюлень, жануб денгиз мушуги; ҳақиқий тюленлардан йирик тюлень — денгиз қоплони, Уэделла ва Росса тюлени ҳамда нисбатан кичик, лекин кўп сонли крабхўр тюлень эндемик турлар ҳисобланади. Антарктида зоогеография областида учрайдиган жануб денгиз филининг уз. 5,5 м, оғирлиги 2,5 т га етади. Қушлардан пингвинлар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасидан император ва қирол пингвинлари, Адели пингвини ва б., гигант бўрон қуши, кап кабутарчаси эндемик ҳисобланади. Антарктида зоогеография областида албатросларнинг бир неча тури яшайди, денгиз судралиб юрувчилари учрамайди. Балиқлар ва умуртқасизларнинг турлари кўп эмас, лекин улардан анчаус балиғи, қисқичбақасимонларнинг айрим турлари ва б. умуртқасизлар катта биомасса ҳосил қилади. Антарктида зоогеография области ҳайвонлари одам таъсирига кам учраган. Ҳозир Антарктида ва унинг соҳиллари яқинида сувлар халқаро қўриқхона ҳисобланади.

Ад..Кобышев Н. М.,Кубанцев Б. С, География животных с основами зоологии, М., 1988.