АНОВ МАДАНИЯТИ

АНОВ МАДАНИЯТИ — Ашхобод яқинидаги Анов қишлоғи атрофида жойлашган илк энеолит ва сўнгги жез даврларига оид қад. деҳқончилик манзилгоҳлари ва шаҳар харобалари. Энеолит ва жез даври манзилгоҳлари сақланиб қолган шим. ва жан. Анов тепаликлари айниқса дунёга машҳур. Анов маданиятини дастлаб америкалик геолог Р. Помпелли ва англиялик археолог Шмидт текширган. Анов маданияти қатламларидан хом ғиштдан қурилган бинолар қолдиқлари, турли мис буюм ва зеб-зийнатлар, тош ёрғучоқлар, сиртига ранг-баранг нақшлар ишланган сопол идишлар ҳамда жамики борлиқни вужудга келтирувчи қудрат тимсоли ҳисобланган аёл ҳайкалчалари топилган. Археологик қазишлар ва аэрофотосуратлар энеолит давридаёқ Ўрта Осиё ҳудудида энг илк суғориш иншоотлари барпо бўлганлигини кўрсатади. Энеолитдан жез даврига ўтиш босқичида сопол буюмларга нақш ишлаш билан бирга инсон ва ҳайвонлар шаклини ҳам чизиш кенг тус олган. Анов маданияти ёдгорликларини бошқа минтақа топилмалари билан қиёсий ўрганилиши натижасида жез даврида, мил. ав. 3—2 минг йиллик охирида Ўрта Осиё жан. да илк шаҳар маданияти, қад. Шарқ типидаги маҳаллий маданият вужудга келган деб ҳисобланади.