АНЖИР ШАФТОЛИ

АНЖИР ШАФТОЛИ, янги анжир шафтоли — халқ селекциясида яратилган шафтоли нави (Р. Р. Шредер номидаги и. т. ин-тининг Самарқанд филиалида бу навни Чемпион нави билан чатиштириш асосида А. С. Череватенко чиқарган янги Анжир шафтоли нави кўп тарқалган). Тупи кучли ўсади, дарахти ўртача катталиқда (4 —5 м), март охири — апр. нинг бошида (12 — 18 кун давомида) гуллайди. Гули икки жинсли, қизғиш, гулининг 20 — 25% ни тутади. Ўзидан чангланувчи нав. Меваси тукли, анжирсимон — ясси (диаметри 5 — 10 см), оғирлиги 80 — 100 г. Данаги майда ҳам яссироқ, кўпинча меванинг ўртасида кўриниб туради. Эти серсув, мулойим, ширин. Авг. да пишади. Совуққа чидамсиз, қишда 15 — 18° гача, баҳорда 4-6° совуққа бардош беради. Экилгандан кейин 2 — 3 – йили мевага киради, 6 — 8 йил юқори, яхши агрофонда 16 й. гача ҳосил беради. Ҳар тупидан 70 — 80 кг мева олиш мумкин. Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида экилади. Анжир шафтоли Эрон, Афғонистон ва Хитойда ҳам учрайди. Меваси янгилигида ейилади, таркибида 14,7% гача қанд, 0,26% кислота бор. Консерва ва қоқи қилинса ҳам бўлади. Рихсивой Жўраев.