АНИЗОТРОП МАТЕРИАЛЛАР

АНИЗОТРОП МАТЕРИАЛЛАР — хоссалари (механик, оптик, магнит ва б.) турли йўналишда бир хил бўлмайдиган материаллар. Анизотроп материалларга монокристаллар, кристаллар, арматураланган пластиклар, графит, пўлат ва қотишмаларнинг заготовкалари (прокат, штампов-калар), толали материаллар ва б. киради. Таркиби тўлдиргич (металл толалар, ипсимон кристаллар) ва боғловчи материаллар (полимерлар ва металлар) бирикмасидан иборат композицион материаллар катта аҳамиятга эга. Анизотроп материаллар машинасозликда мустаҳкамлиги юқори бўлган деталь ва конструкциялар, трансформаторлар, газ турбинаси кураклари тайёрлашда ишлатилади.