АНГРЕН ГРЭС

АНГРЕН ГРЭС, Ангрен иссиқлик электр станцияси — Ўзбекистон энергетика тизимидаги йирик иншоот. Ангрен ш. яқинида 1957—63 й. ларда қурилган. Ст-яда ҳар бирининг қуввати 60,5 МВт бўлган 8 турбоагрегат бор. Ўрнатилган қуввати 484 МВт. Асосий ёқилғиси — Ангрен кўмир конидан қазиб олинадиган қўнғир кўмир. ГРЭС Оҳангарон дарёсидан сув билан таъминланади, Олмалиқ — Оҳангарон саноат зонасига ҳамда Тошкент вилоятидаги хўжаликлар ва саноат корхоналарига электр энергияси етказиб беради. Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жан. даги вилоятларини бирлаштирган Ўрта Осиё Бирлашган энергетика системасига уланган.