АНГОЛА

АНГОЛА (Angola), Ангола Республикаси (Republica de Angola) — Африканинг жан.-ғарбидаги давлат. Атлантика океани соҳилида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 18 вилоятга бўлинган. Майд. 1246,7 минг км2, ахолиси 11,5 млн. кишиданортиқ(1999). Пойтахти — Луанда ш.

Давлат тузуми. Ангола — республика. 1975 й. да қабул қилинган ва 1991 й. да тузатишлар киритилган конституцияга биноан Ангола демократик, ҳуқуқий давлат, асосий мақсади — тинчлик, адолат ва ижтимоий тараққиёт асосида эркин демократик жамият қуришдан иборат. Давлат бошлиғи — 5 й. муддатга сайланадиган президент. У яна уч муддатга қайта сайланиш ҳуқуқига эга. Қонун чиқарувчи ҳокимият — 220 депутатдан иборат Миллий ассамблея. Ижрочи ҳокимият бош вазир бошчилигидаги ҳукуматдир. Унинг таркибини президент тайинлайди ва Миллий ассамблея тасдиқлайди.

Табиати. Ангола ҳудудининг кўп қисми 1000 — 1500 м баландлиқдаги ясси тоғлардан иборат. Ғарбдаги Бие тоғ ҳавзасининг энг баланд нуқтаси — 2610 м. ли Моко чўққиси. Атлантика океани соҳили бўйлаб торгина денгиз бўйи пасттекислиги ястаниб ётади. Иқлими тропик, қишда иссиқ, қуруқ, езда нам. Энг иссиқ ойдаги ўртача ҳарорат 21 дан 29° гача, энг совуқ ойда 15 дан 22° гача. Мамлакат ичкарисида ёғингарчилик 500 — 1500 мм, соҳилда 50 — 500 мм. Энг катта дарёлари: Кванза, Кунене, Кубанго ва Конгонинг ир-моқлари — Касаи, Кванго. Ангола ҳудудининг бир қисмидан Замбези дарёси оқиб ўтади. Дар ёлари кўпостонали, гидроэнергия захиралари катта. Ўсимликлари йилнинг қуруқ фаслида барг ташлайдиган саванна типли ва тропик ўрмонлардан иборат. Миллий боглари: Порту-Алешандри, Камея, Кисама, Муна.

Аҳолиси. Аҳолининг 96% га яқини банту тил оиласи халқлари: мбунду, конго, овимбунду, лугази ва б. ларга мансуб. Португаллар ҳам яшайди. Расмий тили — португал тили. Аҳолининг 90% маҳаллий анъанавий динга эътиқод қилади; қолганлари — католиклар. Аҳолининг ўртача зичлиги —1 км2 га салкам 5 киши. Аҳолининг 28% шаҳарларда яшайди. Энг катта шаҳарлари: Луанда, Лобиту, Уамбо.

Тарихи. Ангола ҳудудида 14 – а. дан Конго давлати, 15 – а. дан Ндонго, Лундо, Бенгела, 17 – а. дан Матамба ва Касанже давлатлари мавжуд бўлган. 1482 й. да Анголада портуғаллар пайдо бўлди. 16 – а. да улар қалъалар, шу жумладан Сан-Паулу-диЛуанда қалъасини (1576) барпо этдилар; бу қалъа келгусида мамлакатни мустамлакага айлантириш маркази бўлди. 17 – а. да Ндонго ва Матамба давлатларининг аёл ҳукмдори Зинга Мбанди Нгола португал босқинчиларига қаршилик кўрсатиш курашига бошчилик қилди. Унинг вафотидан кейин Ндонго давлати португал мустамлакачиларининг зарбалари остида парчаланиб кетди. Лундо давлати 19 – а. охи-ригача мустақиллигини сақлаб қолди. Амалда Португалия А. нинг бутун ҳудудини 20 – а. нинг 20 – й. лари бошларидагина эгаллаб олди. 19 – а. ўрталаригача Анголада қул савдоси давом этди (300 йил мобайнида Анголадан салкам 5 млн. киши олиб кетилди). 1885 — 99 й. ларда Португалия, Бельгия, Германия ва Букж Британия ўртасида ҳоз. Ангола чегарасини белгиловчи битимлар тузилди. 1951 й. гача А. Португалиянинг мустамлакаси мақомида бўлди. 1951 й. да Португалиянинг «денгиз орти вилояти» деб эълон қилинди. Ангола халқи босқинчиларга қарши доимо курашиб келди. 1961 й. А. да бошланган қуролли қўзғолон кейинчалик мустамлакачиларга қарши умумхалқ курашига айланиб кетди. Унга уч сиёсий куч: МПЛА (Ангола озодлиги халқ ҳаракати), УНИТА (Анголанинг тўла мустақиллиги учун миллий иттифоқ) ва ФНЛА (Ангола озрдлиги миллий фронти) бошчилик қилди. 70 – й. ларга келиб бу ташкилотлар мамлакат шарқидаги ва жан.-шарқидаги анчагина жойларни озод қилишга эришди. 1974 й. да Португалиядаги фашистлар диктатураси ағдариб ташлангач, демократик ҳукумат А. халқининг мустақилликка бўлган ҳуқуқини тан олди. 1975 й. да тузилган ўтиш ҳукуматига МПЛА, УНИТА, ФНЛА вакиллари кирди. Бироқ гуруҳлар ўртасидаги ихтилофлар натижасида ҳукуматнинг фаолияти тўхтаб, мамлакатда фуқаролар уруши бошланди. УНИТА Жан. Африка Республикаси (ЖАР)нинг мадади билан МПЛАга қарши курашди. МПЛА эса Кубадан ёрдам сўради. 1988 й. майда Ангола, Куба, ЖАР ва АКШ ўртасидаги музоқара якунида имзоланган битимга биноан Анголадан ЖАР ва Куба қўшинлари олиб кетилди. Халқаро ҳамжамиятнинг кучғайратлари туфайли 1991 й. 31 майда МПЛА ҳукумати ва УНИТА вакиллари имзолаган ҳужжатларга биноан 1992 й. 29 — 30 сент. кунлари Анголада БМТ вакиллари кузатувида парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтди. Янгиланган конституция (1991 й. март) кўп партияли демократия қоидасини мустаҳкамлади; 30 дан ортиқроқ партия рўйхатга олинди. Ангола 1976 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 11 нояб. — Мустақиллик эълон қилинган кун (1975).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. А. озодлиги халқ ҳаракати (МПЛА) асосий сиёсий куч ҳисобланади. У 1956 й. да тузилган. Анголанинг тўла мустақиллиги учун миллий иттифоқ (УНИТА) — сони ва нуфузи жиҳатидан иккинчи сиёсий куч. Ўзини тарихий партия деб ҳисобловчи Ангола озодлиги миллий фронти (ФНЛА) сиёсий майдонда ало-ҳида ўринни даъво қилмоқда.

Хўжалиги. Ангола — иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган мамлакат. Аҳолининг 80% га яқини қ. х. да банд. Унинг иқтисодий аҳволига сўнгги 15 й. мобайнида уруш етказган бевосита моддий зарар салкам 20 млрд. долларни ташкил қилди. Ташқи иқтисодий алоқа ва товар муомаласининг асосий ҳажми ғарб мамлакатларига тўғри келади. Четга чиқариладиган маҳсулотининг 90% дан кўпроғи (асосан нефть) АҚШ, Бразилия, Европа мамлакатларига кетади. 1985 й. дан А. Европа ҳамжамиятининг қўшиб олинган аъзоси. 1989 й. да Халқаро валюта фонди ва Халқаро таъмирлаш ва тараққиёт банки (ХТТБ)га қабул қилинган. Қазилма бойликлари: — нефть, олмос, марганец, уран, олтин, кварц, мармар, мис ва полиметалл рудалар. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 56% нефть ва нефть маҳсулотларига тўғри келади. Қурилиш индустрияси ривожланмоқда. Цемент, шина з-длари, тўқимачилик ф-калари, қ. х. хом ашёсини қайта ишловчи (кофе, шоли оқлаш, қанд-шакар, балиқ-консерва) корхоналари мавжуд. Кофе, сизаль, шакарқамиш етиштирилади. Маккажўхори, оқжўхори, шоли, банан, батат ҳам катта ўрин тутади. Хурмо, арахис ва тамаки тайёрланади. Қорамол, чўчқа, эчки боқилади, аммо чорвачилик мамлакат эҳтиёжини тўла қондирмайди. Денгиз балиқчилиги ривожланган. Т. й. лари — 3,3 минг км, автомобиль йўллари — 80 минг км, асфальт ланган йўллари — 8,4 минг км. Денгиз портлари Лобиту, Луанда ва Кабинда. Луандада халқаро аэропорт бор. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ, Бразилия. Пул бирлиги — кванза.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 1975 й. аҳолининг 90% саводсиз бўлган. Мамлакат мустақилликка эришгач, умумий мажбурий бошланғич таълим жорий этилди, педагог кадрлар тайёрлаш маркази ташкил қилинди. Луандада ун-т (1963 й. ташкил этилган),бир қанча и. т. ва илмий жамиятлар, Миллий ва Муниципалитет кутубхоналари, тиббиёт тарихи ва тарихий-этнографик музейлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттиришн, телекўрсатуви. «Жорнал де Ангола», «Коррейно да Семана» газ. лари, «Терра Анголана», «Прогрессу» жур. лари нашр этилади. Давлат телевидениеси ва радиоси португал ҳамда маҳаллий тилларда кўрсатув ва эшиттириш олиб боради. «Ангола пресс» (АНГОП) ахборот агентлиги мавжуд.

Адабиёти. Анголада банту тиллари оиласига мансуб кимбунду, умбунду ва б. тилларда бой оғзаки адабиёт мавжуд. Ёзма адабиёт асосан португал тилида ривожланган. Илк давр (1855 — 1930) да кичик адабий шакллар — шеър ва фельетон ривожланди. Педру Машадунинг «Африка саҳналари» ва Антониу ди Асиз Жуниорнинг «Марҳуманинг сири» романлари машҳур бўлди. 1960 й. гача мустамлакачиликни фош қилиш (Каштру Сороменьюнинг «Ўлик ер», 1949; «Бурилиш», 1957) марказий мавзу эди. Шундан кейинги даврда миллий озодлик кураши мавзуи устун бўлди. Кўпчилик ёзувчилар қувғинда бўлганлиги учун Ангола тараққийпарвар адабиёти асосан чет элларда ривожланди. Мунделе Диа Кванза, А. Нето, К. Андради, М. ди Анради, Л. Виейра каби ёзувчиларнинг қисса, шеър, достонлари юзага келди. Мустақилликка эришилгандан кейин демократик ўзгаришлар учун кураш асосий мавзу бўлиб қолди. .

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Ангола қишлоқлари доира шаклида қурилган. Турар жойлари тўғри бурчакли (баъзан доирасимон) шаклда, қозиқ синчлар шохшабба билан ўралади ёки лой билан сувалади. Европаликлар келгач, шаҳарлар пайдо бўлди, улардаги уйлар португалча тоифада, барокко ва илк классицизм шаклларида курила бошлади. 20 – а. дан янги конструкцияда янги материаллардан замонавий бинолар тикланди. Анголада қадимдан амалий безак санъати: ёғоч ўймакорлиги (одам ва ҳайвон ҳайкалчалари, мебель нақшинкорлиги), ҳашак ва сомондан тўқималар, нақшин сопол буюмлар ясаш ривожланган.