АНГАРА — РФнинг Иркутск вилояти ва Красноярск ўлкасидаги дарё. Енисейнинг энг серсув ирмоғи. Уз. 1779 км. Ҳавзасининг майд. 1,040 минг км2. Байкал кўлидан оқиб чиқади. Асосий ирмоқлари: ўнгдан — Илим, чапдан — Иркут, Белая, Ока, Тасеева. Қор ва ёмғирдан сув олади. Қуйилиш ерида ўртача сув сарфи 5100 м3/сек. Қуйи оқимида окт. — ноябрда, Братск сув омборида ноябрь-дек. да муз билан қопланади. Майнинг 1-ярмидан муз эрий бошлайди. Ангаранинг бошланишидан қуйи қисмигача сув омборлари каскади қурилган. Ангарада Иркутск, Братск, Усть-Илим ГЭСлар ишлаб турибди, Богучани ГЭС қурилмоқда (1994). Ангара бошланиш жойидан кемалар мунтазам қатнаб туради. Асосий пристанлари: Иркутск, Ангарск, Балаганск, Братск. Ангарада балиқ кўп.