АНДРОПОВ Юрий Владимирович

АНДРОПОВ Юрий Владимирович (1914, Ставрополь ўлкаси — 1984.9.2, Москва) — КПСС МК бош котиби (1982—84), собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши раиси (1983 й. дан), 1947 й. дан Карелия (КПб) МК 2-котиби. 1951—52 й. ларда КПСС МКда ишлаган. 1953 — 57 й. ларда Иттифоқнинг Венгриядаги элчиси; совет қўшинларининг Венгрияга киритилишида қўли бўлган (1956). 1957 й. дан КПСС МК бўлим мудири. 1962-67 ва 1982 й. майдан КПСС МК котиби. 1973 й. дан КПСС МК Сиёсий бюроси аъзоси (1967 й. дан номзод). 1967—82 й. ларда Иттифоқ давлат хавфсизлиги қўмитаси раиси; бу пайтда Андропов раҳбарлиги остида ғайри фикрловчилар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига қарши репрессив чора-тадбирлар (қамаш, фуқароликдан маҳрум қилиш ва б.) амалга оширилди. Бош котиб сифатида партия ва давлатдаги инқирозни маъмурий усуллар билан тўхтатишга уринган.