АНДРОНОВО МАДАНИЯТИ

АНДРОНОВО МАДАНИЯТИ — мил. ав. иккинчи минг йилликнинг иккинчи ярми ва биринчи минг йилликнинг бошида яшаган чорвадор ва деҳқон қабилаларининг маданияти. Андроново маданияти ёдгорликлари Минусинск, Шим.шарқий ва Марказий Қозоғистон, Обь дарёсининг юқори оқими, Челябинск вилоятининг ўрмон ва даштларида, қисман Ўзбекистон, Кирғизистон ерларида тарқалган. Бу маданиятга оид ёдгорликни биринчи бор 1914 й. да Я. А. Тугаринов Ачинск ст-яси яқинидаги Андроново қишлоғида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида топган ва 1920—23 й. ларда С. А. Теплоухов уни Андроново маданияти номи билан фанга киритган. Андроново маданиятига доир ёдгорликлар дастлаб С. П. Толстов томонидан 1938 й. да қад. Хоразмнинг Кўкча дарё соҳилларидан топиб ўрганилди ва унга тозабоғёп маданияти номи берилган. Кейинчалик Я. F. Ғуломов ва А. Асқаровлар бу маданиятга доир ёдгорликларни Зарафшоннинг қуйи оқими р-нларидан топиб ўргандилар. Бу давр мозор ва манзилгохлари Тош-кент атрофида, Мўминободда (Самарқанд вилояти), Фарғона водийсида (Карамкўл, Водил мозорлари), Қайроққумда кўплаб ўрганилган. Андроново маданияти аҳолиси ярим ер тўла шаклидаги кулбаларда яшаган; мозорлари ёрма гўр бўлиб, мурдалар оёқ-қўллари буқилган, чапга ёнбошлатилган, боши жан.-ғарбга қаратилган ҳолда, кўпинча кий-им-кечаги, жездан ясалган безак буюмлари билан дафн этилган. У давр қабилалари дарё бўйларида деҳқончилик, адирларда чорвачилик билан шуғулланган. 1997 й. Тожикистондаги Кизилсув дарёси ҳавзасидан Андроново маданиятига доир ёдгорлик — жамоа бўлиб дафн қилинган болалар қабри топилди. 10—11 ёшли боланинг оёқлари ёнидан чиққан кўплаб жез мунчоқпар, илгаксимон кумуш тақинчоқ, сопол идишлар муҳим илмий аҳамиятга эга.