АНДРОМЕДА ТУМАНЛИГИ

АНДРОМЕДА ТУМАНЛИГИ — бизга энг яқин спирал галактика М 31 нинг номи. Галактикамиз билан турдош, лекин иккиси ҳам бир хил спирал синфга кириши тўла ҳал этилмаган. Андромеда туманлиги ўлчамлари ва тузилиши у қайси диапазонда кузатилганига кескин боғлиқ. Оптик диапазондагиси диаметри 74 кпк. Массаси Галактикамиз массасидан деярли 1,5 марта катта. Мутлақ катталиги — 22. Космик телескоплар ёрдамида унда 100 га яқин рентген манбалар борлиги топилган. Уларнинг кўпчилиги Андромеда туманлигининг ядро ва текислик ташкил этувчи қисмидан ўрин олган. Унинг таркибида камида 30000 та планетар туманликлар, 400 та шарсимон тўдалар, мингга яқин тарқоқ юлдуз тўдалари бўлиб, бугун қатор газ — чанг булутлари, юлдузларнинг туғилиш ўчоқлари, «янги юлдузлар», цефеидлар кузатилмоқда. Андромеда туманлиги яқинида 7 та унинг йўлдош — галактикалари аниқ топилган. Улар асосан эллиптик ва турли митти галактикалардир. Андромеда туманлиги, бизнинг Галактика ва улар атрофида яна 30 га яқин галактикалар физик ва динамик боғланган маҳаллий гуруҳни ташкил этади. Андромеда туманлиги ҳақида биринчи бор араб фалакиётшуноси Ал-Сўфи (9-а.) ёзиб ўтган, чунки у оддий кўзга равшан кичик булут тарзида кўринади.