АНДИЖОН ЗИЛЗИЛАСИ

АНДИЖОН ЗИЛЗИЛАСИ — Ўрта Осиёда содир бўлган кучли зилзилалардан бири. 1902 й. 16 дек. соат 10 да рўй берган. Бу зилзиладан Андижон ш. ва унинг атрофидаги қишлоқлар катта талафот кўрган. Ер кетма-кет уч марта силкиниб, биринчиси 8 — 9 балл, 1 — 1,5 минутдан сўнг иккинчиси 9 баллдан ортиқ ва яна 30 минут ўтгач, учинчиси 8 — 9 балл бўлди. 50 минг киши яшайдиган Андижон ш. билан атроф қишлоқларда кўп жойлар вайронага айланди. Зилзилада 4652 киши нобуд бўлди. Зилзила натижасида Андижондан 5 — 6 чақирим наригача бўлган т. й. излари эгилиб қолди. Андижон ст-ясидаги паровоз ва поезд вагонлари изларидан четга суриб ташланди. 16 дек. дан сўнг ҳам бир неча ой давомида Андижонда ер қимирлаб турди. Зилзила оқибатида Андижон ва унинг атрофида эни 10 см гача бир неча ёриқлар пайдо бўлди. Айрим ерларда ер сатҳи 70 см гача чўқди. Андижон зилзиласи Жан. Фарғона флексураси — узилиш чизиғи бўйлаб содир бўлган. Зилзила маркази Қораёрда (40,7° ш. к. 72,2° шқ. у. да) жойлашган.