АНДИЖОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИНСТИТУТИ

АНДИЖОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИНСТИТУТИ — қ. х. мутахассислари тайёрлайдиган олий ўқув юрти. Андижон туманининг Куйганёр шаҳарчасида жойлашган. Ин-т 1964 й. да Тошкент ирригация ва қ. х. ни механизациялаш инженерлари ин-ти бўлими асосида барпо этилган Андижон пахтачилик ин-ти негизида 1992 й. 28 февр. да ташкил этилган. Ин-т таркибида агрономия, агроинженерлик, иқтисодиёт, сиртқи ва малака ошириш ф-тлари ва 21 кафедра мавжуд бўлиб, 10 таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрланади. Булар — агрономия, мева-сабзавотчилик ва токчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ипакчилик, зоотехния, агроинженерлик, сув хўжалиги ва мелиорация, иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, агроинженерлик бўйича касбий педагогик тайёргарлик таълим йўналишларидир. Ин-т қошида академик лицей, лицей-интернат ва ўқув-илмий и. ч. хўжалиги фаолият кўрсатади (2000).

1999/2000 ўқув йилида ин-тда 3 минг атрофида талаба ўқиди; 200 проф.ўқитувчи, жумладан 1 акад., 7 фан д-ри, проф., 100 дан ортиқ фан номзоди, доцент ишлади. Ин-т ташкил этилгандан бери 12 мингдан ортиқ мутахассис тайёрлади; 4 минг раҳбар кадрлар ва мутахассислар қайта тайёрланди (2000). Ин-т олимлари томонидан дарслик, ўқув қўлланма, илмий-методик тўпламлар нашр этилади.

Ин-т олимлари хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ўқув жараёнини такомиллаштириш ва и. т. ишларни ҳамкорликда олиб бориш борасида алоқалар ўрнатган. Жумладан Шотландия қ. х. коллежи ва TEMRUSDESPES лойиҳаси бўйича Нидерландиянинг Вагениген ун-ти билан ҳамкорлик қилади; шунингдек Тошкент ирригация ва қ. х. ни механизациялаш инженерлари ин-ти олимлари билан ҳамкорликда BASIS лойиҳасида ҳам иштирок этади.