АНДИЖОН ПОЛЬКАСИ

«АНДИЖОН ПОЛЬКАСИ» — ўзбек халқ чолғу куйи ва айнан шу номдаги рақс. 20-й. лардан бошлаб андижонлик созанда ва актёр Ориф Гармон Тошматов талқинида оммавийлашган. «Андижон полькаси» 2/4 (ёки 4/4) мусиқа ўлчови, одатда соф мажор тоналлиги, шўх сийрати билан ажралиб туради. У, бир томондан ўзбек мумтоз куйлари (мас, «Наво чархи»)га, иккинчи томондан эса бошқа халқлар (жумладан рус) фольклори намуналарига оҳангдош. «Андижон полькаси» сурнай, қўшнай, шунингдек гармон товушқаторига хос диатоник тузилмалари, одат тусидаги куй йўналишларини ўзида уйғунлаштирган. Андижонда «Андижон полькаси» халқ рақс ансамбли ташкил этилган (1957).