АНДИЖОН БОЛАЛАР ВА ЁШЛАР ТЕАТРИ

АНДИЖОН БОЛАЛАР ВА ЁШЛАР ТЕАТРИ, Аббос Бакиров номидаги Андижон давлат болалар ва ёшлар театри — болалар ва ёшлар театри. 1990 й. 1 дек. да «Истиқбол» театр-студияси асосида ташкил бўлган. «Темир хотин» (Ш. Бошбеков) спектакли билан очилган. Театрнинг асосчиси ва бадиий раҳбари Маннон Ҳамидов бошчилигида Қ. Мадаминов, М. Турғунов, М. Мадраҳимова, Т. Рўзиева, М. Холдоров, Ф. Мамасодиқова, адабий эмакдош Зиё Нажмий кабилар театрнинг дастлабки ижодкорларидир. «Балойи нафс» (М. Асадуллаев), «Ҳазон бўлган гул» (X. Қозоқова), «Яхшивой ва Ёмонвой» (Б. Ихтиёров), «Дилижон дайдилари» (М. Ҳамид), «Мўъжизалар олами ёхуд Саноъи нафиса» (3. Нажмий) ва б. театрда саҳналаштирилган дастлабки спектакллардир. «Севги афсонаси» (О. Холдор), «Тўйлар муборак» (Ў. Ҳошимов), «Афандининг беш хотини» (И. Содиқов) комедиялари, «Алвидо болалик» (Т. Малик) фожиавий драмаси, «Ҳаёт эшик ортида» (С. Сирожиддинов) трагикомедияси, шунингдек Э. Собировнинг «Буқоқнинг кўнгли» ҳажвий томошаси билан театр ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Театр ўз режиссурасида замонавийлик ва томошавийликнинг ўзига хос турмушбоп уйғунлигини, содда ва айни бир пайтда нозиқ дид билан пурмаъно асарлар яратиш маҳоратига эришди. «Наргис фожиаси», «Шайтон кўли ёнида» (И. Юмагулов), «Касотлар» (Э. Собиров), «Занжирбанд шеър» (3. Нажмий), «Қирол Лир» (У. Шекспир), «Бугуннинг Ҳамлети» (М. Ҳамид) сингари спектакллар театрнинг кейинги йиллар ижод маҳсулидир.

Ёшларни маънавий камол топишида ўз ҳиссаларини қўшиш, ўтмишимизнинг буюк тарихини ҳаққоний акс эттириш, миллий театр анъаналарига содиқ қолиб, устозлар йўлидан бориш театрнинг асосий мақсадидир. М. Убайдуллаева, С. Улуғов, Б. Мирзакаримова, Ш. Абдуллаева, В. Рўзиматов, С. Бойхонбоева, Н. Ҳакимов, М. Иброҳимова, В. Турдиев, С. Мирзаев ва б. театрнинг етакчи актёрларидир.

Салоҳиддин Сирожиддинов.