АНДАЛУЗИТ

АНДАЛУЗИТ (Испаниянинг Андалусия вилояти номидан) — оролсимон силикатлар кенжа синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи Al2Si05. Қаттиқлиги 7 — 7,5. С. оғ. 3,1 — 3,2. Шишасимон ялтироқ, ўтга чидамли. Оқ, кулранг шаффоф, пушти-қизил, қўнғир-яшил рангли кристаллари ва уларнинг агрегатлари метаморфик жинсларда учрайди. Андалузит чиннисозлик, алюминий, электрометаллургия саноатида ўтга чидамли материал сифатида ишлатилади. Забайкальеда, Ўзбекистонда Зирабулоқ-Зиёвуддин ва Нурота тоғларида кенг тарқалган.