АНАЛОГ-РАҚАМЛИ ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ

АНАЛОГ-РАҚАМЛИ ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ — аналог ва рақамлиҳисоблаш машиналарининг қисмлари (блоклари)дан ташкил топган қурилма. Машина ўзгарувчилари рақамли ва аналог (узлуксиз) кўринишда ифодаланади. Аналог ва рақамли ЭҲМларнинг камчиликларини бартараф этиш, уларнинг афзалликларини бирлаштириш мақсадида ўтказилган изланишлар натижасида битта ҳисоблаш тизими — гибрид ҳисоблаш машинаси яратилган. Бу комплекснинг рақамли қисми — рақамли электрон ҳисоблаш машинаси (РЭҲМ) асосида қурилади. Марказий бошқарув қурилмаси машинанинг айрим қисмлари — аналог-рақамли ўзгартиргич (АРЎ), рақам-аналогли ўзгартиргич (РАЎ) ва АЭҲМ ўртасидаги боғланишни зарур аниқлик ва кетма-кетликда таъминлайди. А.-р. ҳ. м. математик ва мантиқий амалларни бажаришда ҳамда машина кўрсаткичларини бир шаклдан иккинчи шаклга ўтказишда ишлатилади.