АНАЛОГ ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ

АНАЛОГ ҲИСОБЛАШ МАШИНАСИ — узлуксиз ўзгарувчи физик катталиклар (механик силжиш, кучланиш, ток кучи, т-ра ва б.)нинг қийматлари аниқланадиган математик масалаларнинг сонларини шу миқдорлар билан таққослайдиган ҳисоблаш машинаси. А. ҳ. м. да натижа машинадаги ўзгарувчан физик миқдорларни ўлчаб аниқланади. Аналог ҳисоблаш машинасининг асосий хусусиятлари: ўзгарувчан катталиклар узлуксиз бўлади; амаллар параллел бажарилиши нати-жасида юқори тезликка эришилади; ечиладиган масалаларга дастур тузиш анча соддалашади; тадқиқ қилинувчи тизимни реал аналог қурилмага улаш осонлашади; моделлаш жараёни ва натижа яққол кўриниб туради; жамлаш, кўпайтириш, интеграллаш, чизиқли бўлмаган функцияларни ҳосил қилиш каби амалларни анча содда ва самарали бажариш мумкин; ахборотни узоқ муддат хотирада сақлаш, мураккаб ва мантиқий амалларни бажариш имкони чекланган.

Аналог ҳисоблаш усулларидан мил. ав. Вавилонияда ер ўлчаш ва харита тузишда фойдаланилган. 15-а. бошларида Самарқандда ал-Коший икки сайёранинг бир меридиан текислигида бўлиш вақти пайтини аниқловчи асбоб яратган. Тахм. 1000 й. да яратилган логариф-мик линейка дастлабки Аналог ҳисоблаш машинаси дир. Ҳозирги ЭҲМларнинг дастлабкиси электрон техника тараққиётининг маҳсули бўлиб, булар 1950 й. да яратилган ўзгармас ток кучайтиргичи билан боғлиқдир. Айниқса, кейинги вақтларда яратилган аналог қурилмалар интеграция коэффициенти ўта катта бўлган аналог интеграл микросхемалар асосида ишлаб чиқарилади. Ишлаш тарзига кўра, Аналог ҳисоблаш машинаси механиқ пневматик, гидравлик, электромеханик ва электрон турларига, аналогия асосида қурилишига кўра, оддий ва мураккаб хилларга бўлинади. Оддий машиналарда ўзгарувчилар ва ечиладиган дастлабки тенглама ўзгарувчилари орасидаги боғланиш ўзгармас коэффициентлар орқали амалга оширилса, мураккаб машиналарда эса бу алоқа ошкор кўринишда бўлмай, балки мураккаб тасвирга эга бўлади.

Аналог ҳисоблаш машинаси бошқарув тизимларининг динамикасини тахлил қилиш ёки ростлашда, бошқарув тизимларининг синтези ва ростлаш билан боғлиқ масалаларни ечишда, тизимга таъсир этувчи ва фойдали сигналларни аниқлашда, янги автоматик қайд қилиш қурилмаларини яратишда ва б. да кенг қўлланилади. Бундан ташқари, Аналог ҳисоблаш машинаси лардан мураккаб автоматик тизимларнинг элементлари ва қурилмалари сифатида ҳам фойдаланилади.

Абдурауф Паттохов.