АНАЭРОБЛАР

АНАЭРОБЛАР, анаэроб организмлар — эркин кислород бўлмайдиган шароитда яшаш ва ривожланиш қобилиятига эга бўлган организмлар. Анаэроблар терминини 1861 й. да ёг кислотали бактериал бижғишни ихтиро қилган Л. Пастер таклиф этган. Анаэроблар асосан прокариот организмлар орасида кенг тарқалган. Эукариотлардан ачитқилар ҳамда ҳайвонлар организмида паразитлик қиладиган, яъни иккиламчи тарзда кислородсиз муҳитда яшашга мослашган, бир ҳужайралилар ҳақиқий Анаэроблар ҳисобланади. Кўп ҳужайрали Анаэроблар анаэробиоз ҳайвонларнинг ичаги ва тана бўшлиғи ҳамда тўқималарида паразитлик қиладиган ясси тўгарак чувалчанглар орасида учрайди. Анаэроб организмларда метаболизм кислороддан бошқа оксидловчилардан фойдаланишга асосланган. Органик моддалардан фойдаланадиган анаэроб организмлар (гликолиз натижасида ҳосил бўладиган энергиядан фойдаланадиган барча эукари-отлар) спиртлар ва ёғ кислоталар қайтарилиши орқали борадиган ҳар хил типдаги бижғишни амалга оширади. Бошқа Анаэроблар, мас, денитрификаторлар, темир бактериялари, олтингугурт бактериялар, метан ҳосил қилувчи бактериялар эса анорганик оксидловчилар (нитратлар, олтингугурт бирикмалари, карбонат ангидрид ва б.)дан фойдаланади. Алмашинув маҳсулотларинингхилига қараб анаэроб бактериялар ёғ кислотали, сут кислотали, пропион кислотали гуруҳларга ажратилади. Фототроф бактериялар Анаэробларнинг бошқа махсус гуруҳини ташкил этади. Кислородга бўлган талабига кўра А. нинг облигат ва факультатив гуруҳлари фарқ қилинади. Облигат Анаэробларда метаболизм кислород иштирокисиз боради, факультатив Анаэроблар (мас, денитрификаторлар) анаэробиоз ҳолатдан кислородли муҳитда яшашга утиши мумкин. Анаэроб муҳитда оксидланиш энергияси кам бўлганидан Анаэроблар фаолияти туфайли жуда кўп қайтарилиш маҳсулотлари — спиртлар, ёғ кислоталари ва б. ҳосил бўлади. Анаэроблар муҳитдаги кислород аэроб организмлар томонидан батамом ўзлаштириладиган шароитда (мас, сув тубидаги балчиқда, ифлосланган оқова сувларда) ривожланади. Анаэроблардан микробиология саноатида спиртлар ва органик кислоталар и. ч., оқова сувларни тозалашда кенг фойдаланилади. Айрим Анаэроблар оғир инфекцион касалликлар (қоқшол, газли гангрена ва б.)ни келтириб чиқаради. Ҳақиқий Анаэроблар билан бирга айрим умуртқасизлар орасида кислород танқислигига вақтинча мослашган турлари ҳам бор. Айрим облигат Анаэроблар кислородга жуда сезгир бўлганидан кислородли муҳитда жуда тез ҳалок бўлади. Иссиқ сувли ҳавзалардан ва сувнинг чуқур қатламларидан топилган А. Ер юзида пайдо бўлган энг қад. организмлар бўлиши мумкин.