АНАЭРОБИОЗ

АНАЭРОБИОЗ (юн. an — инкор қўшимчаси, аеr — ҳаво ва bios — ҳаёт) — организмларнинг эркин кислород бўлмаган муҳитда ҳаёт кечира олиши. Анаэробиоз тушунчасини 1861 й. да Л. Пастер киритган. Ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган энергияни анорганик (мас, нитратлар ва сульфатлар) ёки органик моддалар (мас, углеводлар)ни парчалаб оладиган анаэроб организмлар учун Анаэробиоз одатдаги яшаш муҳитидир. Тез ўсадиган эмбрион ҳужайралари ва ўсмалар ҳужайраларида анаэроб жараёнлар соғлом организмнинг нормал ҳужайраларидагига нисбатан кучлироқ кечади.

Анаэробиознинг биологик мазмуни шундан иборатки, анаэроблар ҳавосиз, яъни аэроблар яшай олмайдиган муҳитдаги органик субстратлардан фойдаланиш қобилиятига эга (қ. Аэробиоз). Табиий субстратлар, яъни тупроқ, сув ва б. да ҳамиша маълум миқдорда ҳаво бўлади. Шунга кўра, анаэроб организмлар ҳаво кислородининг оксидловчилик таъсиридан ҳимояланишга ҳаракат қилади. Улар кислородни нейтралловчи моддалар ажратади. Ғоваклари ҳаво билан тўлган юмшоқ тупроқларда анаэроблар ривожланадиган айрим жойлар — микрозоналар бўлиши мумкин. Уларга ёнмаён жойлашган аэроблар кислородни ўзлаштириб ва редукцияловчи (тикловчи) модда ажратиб, анаэроблар учун шароит яратади. Мас, бедапоя чимқирқар икки ярусли плуг билан чуқур (40 см) қилиб ҳайдалганда, беданинг асосий илдиз массаси ва б. қолдиқлари тупроқнинг анаэробли қатламига кўмилиб, у ерда органик моддаларнинг минералланиш жараёни боради. Бу жараён туфайли тупроқ микрофлорасининг ҳаёт фаолияти ва чиринди тўпланиши учун энг қулай шароит вужудга келади, тупроқ унумдорлиги узоқ, муддат сақланиб туради. Тупроқни бундай ишлаш тизими экин ҳосилини анча оширади. Анаэроб жа-раёнларнинг кечиши (бижғиш, чириш) табиатда моддалар апланишиаа катта аҳамиятга эга.

Рустам Шодмонов.