АНАБАР

АНАБАР — Саха (Якутия) Республикасидаги дарё. Уз. 939 км, ҳавзасининг майд. 100 минг км2. Ўрта Сибирь ясситоғлигининг шим. дан бошланиб, дастлаб тилоғочли ўрмон-тундрадан оқади. Қуйи оқимида Анабар водийси кенгаяди ва Шим. Сибирь пасттекислигини кесиб ўтиб, Лаптевлар денгизига қуйилади. Ўртача сув сарфи 610 м3/сек. Сент. охирида музлаб, июнь бошларида муздан бўшайди. Катта ирмоқлари: Кичик Куонамка ва Ужа. Анабарда ряпушка, омуль каби баликлар бор. Қуйи қисмида кема қатнайди. Анабар ҳавзасида олмос конлари топилган.