АМЁБАЛАР (Amoebida) — сохтаоёқлилар синфига мансуб бир ҳужайрали умуртқасиз ҳайвонлар туркуми (айрим манбаларда синф). Баъзи Амёбаларнинг диа-метри 20 мк ча; йирик A. (Amoeba proteus) 700 мк келади. Амёбалар чучук сувларда, нам тупроқ ва қумда яшайди. Денгизларда ҳам бор. А. нинг қаттиқ қобиғи бўлмайди, шу сабабли уларнинг гавда шакли доим ўзгариб туради, сохта оёқлари билан силжийди. Баъзи Амёбалар хивчин чиқаради. Амёбалар бактериялар, майда сувўтлар ва ҳ. к. билан овқатланади. Ноқулай шароитда Амёбалар гавдаси юмалоқланиб, қаттиқ қобиқ ҳосил қилади ва цистага айланади. Айириш вазифасини қисқарувчи вакуомар бажаради. Амёбалар, асосан, иккига бўлиниш йўли билан кўпаяди. Амёбаларнинг бир қанча турлари одам ва ҳайвонлар организмида паразитлик қилади. Асосий турлари: эркин яшовчи оддий амёба (Amoeba proteus) ва одам ичагида паразитлик қилувчи ичбуруғ амёбаси (A. histolitica).