АМУР НЕОЛИТ МАДАНИЯТИ

АМУР НЕОЛИТ МАДАНИЯТИ — Амур дарёси ҳавзасидаги неолит (мил. ав. 5 – минг йилликнинг охирлари ва 1-минг йилликнинг бошларигача) маданияти ёдгорликлари. Кулолчиликда спиралсимон нақшлар, таги қизил қора безаклар пайдо бўлган. Тошдан ишланган ов қуроллари (болта, найза учи ва ш. к.) топилган. Кейинги даврда бўйни узун идишлар, силлиқ пичоқлар, оқ нефрит узуклар, йирик тош болталар пайдо бўлган. Эворон кўли яқинидаги Сарголь қишлоғидан топилган сўнгги неолит даврига оид буюмлар кейинги даврларда қуйи Амурга шим. да яшаган қабилалар кўчиб келганини тасдиқлайди.

Ад.: История Сибири с древнейших времён до наших дней, т. 1, Л., 1968.